АКАДЕМИК МИРЗИЁД МИРСАИДОВ АНДИЖОН ВИЛОЯТИНИНГ МАРҲАМАТ ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ КАСБ – ҲУНАР КОЛЛЕЖИДА УЧРАШУВ ЎТКАЗДИ
Бу учрашувда коллежнинг 300 га яқин ўқувчи ва ўқитувчилари, коллеж директори Болтабоев Абдурашид, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессори, т.ф.д., Т. Мавлонов, Тошкент ахборот технологиялар университетининг Андижон филиали профессори, и.ф.д., А. Абдуллаев, Андижон қишлоқ хўжалик институти доценти, ф.-м.ф.н., К.Атабаевлар қатнашдилар. Учрашувни коллеж директори А. Болтабоев кириш сўзи билан очиб, академик М.Мирсаидовга сўз берди.
М.Мирсаидов ўз сўзида Президентимизнинг ёшларга бўлган эътибори, уларга яратилаётган шароитлар тўғрисида гапирди. Келажакда уларни илм фаннинг юқори чўққиларини эгаллаб, янги технологияларни ўзлаштиришга чақирди. Ўқувчиларга келажакда давлатимиз равнақи учун фаол хизмат қиладиган, етук мутахассис ва олим бўлиб етишишлари учун ўқувчилар ўқитилаётган фанларни чуқур ўзлаштириши, тинимсиз меҳнат қилиши ва ҳар доим олдинга интилиши кераклиги ҳақида гапирди.
Буни амалга ошириш учун ёшларимиз тинмасдан меҳнат қилиб, яхши ўқишлари ва ҳар томонлама етук бўлиши учун эса чет тилларини билиши ва китобларни кўп ўқишга ҳаракат қилишлари керак деб таъкидлади.
М.Мирсаидов охирги вақтларда давлатимизда бўлаётган яхши ўзгаришлар ҳақида ва Президентимизнинг АҚШга сафарлари тўғрисида ҳам қисқача ахборот берди. Шу билан бирга М.Мирсаидов бундай юксак илмий унвонга эришишида Президентимизнинг катта ҳиссалари борлигини, яъни Фанлар Академиясининг қайта тикланиши, Фанлар академияси ва сайлов низомларининг ўзгартирилиб, демократлаштирилганлиги ва бу галдаги академикликка сайлов объектив ва шаффоф ўтганлиги айтиб ўтди.
Ёшларимиз ҳам мукаммал билимлар олиб, ишлаб чиқаришда ва илм даргоҳларида астойдил меҳнат қилсалар келгусида бундан ҳам улкан натижаларга эришиш имкониятлари мавжудлиги ҳакида ҳам гапириб, бугунги кунда илмий ходимларга Давлатимиз томонидан бўлаётган эътиборни, Президентимизнинг 5-апрель 2018 йилдаги маошларни ошириш тўғрисидаги қарори ва Фанлар академиясининг ўсимликлар кимёси институтидаги учрашувлари тўла тасдиқлашини айтиб ўтди.
Коллеж ўқувчилари ва ўқитувчилари томонидан М.Мирсаидовга бир қанча саволлар берилди.
Бу саволларнинг асосий мазмуни қуйидагилардан иборат бўлди: сизнинг институтингизда ирригация ва мелиорацияга бағишланган қандай илмий ишлар бажариляпти, томчилатиб суғориш бўйича ҳозирги кунда нима қилинган, сувни тежаш бўйича қандай ишлар олиб борилаяпти, келгусида Республикамизда сув танқислиги бўлиши мумкинми, сув танкислигини қандай ҳал қилиш мумкин, Ўзбекистонда шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича қандай ишлар бажарилмоқда, Ўзбекистонда атом электр станцияси қаерда қурилади, шуни қуриш керакми, келажакда сизнинг институтингизга кириш учун нима қилиш керак, институтингизда қандай факультетлар бор, ўқитувчиларга тегишли келажакда кандай янгиликлар бўлиши кутилаяпти, олим ва академик бўлиш учун нима қилиш керак, давлат грантида (бюджетда) ўқиш учун нима қилиш керак деган саволлар билан бирга бошқа физикага, математикага оид бир қанча саволарни беришди.
Коллеж ўқувчилари ва ўқитувчилар томондан берилган барча саволларга М.Мирсаидов тўлиқ жавоб беришга ҳаракат қилди.
Биз билан борган проф.Т.Мавлонов ва проф. А. Абдуллаевлар коллеж ўқувчиларига маънавий-маърифий ва одоб-ахлоққа оид кўп фойдали маслаҳатлар бердилар.
Ўз саволларига етарли жавоблар олган учрашув қатнашчиларининг кайфиятлари кўтарилиб, коллежнинг фаол ўқувчилари М.Махмудова ва Зулфия мукофоти совриндори Э.Обиджоновалар Презитентимиз томонидан шундай учрашувлар ташкил қилиб берганликлари учун ўз миннатдорчиликларини шеър орқали баён қилишди.
Бизнинг фикримизча учрашув қизиқарли тарзда, юқори савияда ўтди, бўлган учрашувни коллеж ўқитувчилари ва ўқувчилар кўтаринки руҳ ва катта ишонч билан қабул қилишди. Учрашув қатнашчилари Президентимизга ёшларга яратаётган имкониятлари учун ўз миннатдорчиликларини билдириб, келажакда Президентимизга муносиб қиз ва ўғиллар бўлиб, Республикамиз равнақи учун хизмат қилишга ваъдалар беришди.
Бу суҳбатлардан кейин коллеж директори А. Болтабоев Президентимизнинг ишончи ёшлар томонидан албатта оқланишига ишонч билдирди.
Учрашув тугагандан кейин ҳам коллежнинг бир нечта аълочи ўқувчилари бизнинг олдимизга келиб, маслаҳатлар олишди.
Эсдалик учун учрашувда қатнашган барча коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари билан расмга тушилди.